N A M A N G A N

Loading

“МАТМУСА” комедияси

“Матмуса” комедияси

Ўзбекистон шоири Эркин Воҳидов асарлари асосида драматург                    Жўра Махмуд инсценировкаси 

Саҳналаштирувчи режиссёр – Хайрулло Солиев

 

 

          “Матмусанинг дутори” шеърини ўқимаган кишини топиш қийин.    “Матмуса” – Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов асарларида яратган қаҳрамонлар иштирокидаги енгил, кулгу ва ҳазил оҳангидаги саҳна асари сифатида дунёга келди. 

Драматург Жўра Махмуд ана шу Матмусани серҳаракат, сершовқин катта шаҳар ҳаётига олиб киради. Шаҳарда четдан келган кишиларни одатда, ишбилармон, уддабурро, “Оғирнинг устидан, енгилнинг остидан” ўтадиган олғирлар кутиб оладилар ва... улардан фойдаланадилар. 

Матмуса ҳаётида ҳам худди шундай воқеа рўй беради. Сохта олим, жамиятга мутлақо фойда келтирмайдиган ғоялар билан яшаб келаётган Музроб Махмудий қўлига тушган Матмуса содда, беғубор қишлоқ одамидан такаббур, совуқ назарли амалдорга айланади. Кийиниши, ўзини тутиши маданиятли, бадқовоқ замонавий раҳбарни эслатувчи бу кимса инсонга хос ҳис – туйғу, жонли мулоқот ва ақл – заковатдан мосуво, юқоридан келган топшириқ, вазифаларни кўр – кўрона бажарувчи манқуртга айланади... 

          Асар финалида Матмуса яна инсонийлик қиёфасига қайтади. Бунда ундаги йўқолмаган одамийлик, иймон – эътиқод муҳим роль ўйнайди. Унинг: “Менинг жойим Наполеонлар палатасида бўлса, мени директорлик лавозимига кўтарганларнинг, нодонлигимни донолик деб, таваккал деб айтган гапимни башорат деб атрофимда парвона бўлаётганларнинг жойи қаерда бўлади, Музроб Маҳмудий?” дейиши орамиздаги лоқайдларга айтилган хитоб бўлиб янграйди.