Loading
2023 йил 7 декабр куни Наманган вилояти мусиқали драма театрида навбатдаги янги спектакль – давлат буюртмаси асосида француз комедиографи Жан Батист Мольернинг “Скапеннинг найранглари” комедияси асосида саҳналаштирилган асарни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Театрлар фаолияти бўйича Бадиий кенгашга тақдимот маросими ўтказилди.
Скапен Мольернинг комедия оламига қўйилган тамға. У исёнкор сифатида ҳийла билан хасис бойлар-Жеронт ва Аргонтларнинг пулини олади. Уларни шафқаатсиз калтаклайди. Жеронт билан диалогида ўша даврнинг суд тизимидаги бошбошдоқлик, инсонларни сунъий овора қилиш орқали уларнинг ҳуқуқларини паймол бўлаётганини баралла айтади. Скапен асарда маиший муаммолар-пули йўқлиги, ҳуқуқининг йўқлиги, имконининг йўқлигидан тубанликка чўккан жамоага қарши боради. У даврага киргач, воқеалар тезлашади, қиёфалар очилади, майдон кенгаяди, ҳамма унсурлар кўринади. Қаҳрамон шумлигидан ҳийла ишлатмайди, у гўё ўша даврдаги оталар бурчи, фарзандларнинг одоби, уларнинг мажбуриятлари қанчалик мустаҳкамлигини имтиҳон қилади. Кимнинг номидан, дейсизми? Ҳамма нарсани билувчи, ҳамма нарсани теран англовчи Театр номидан. Асардаги ҳаммага таниш эркатой ўғиллар, бечора қизлар, қайсар кексалар орқали бу кўҳна дунёдаги сирли куч билан тўхтовсиз ҳаракат қиладиган илоҳий жараённи очиб беради.